Толибон ҳаракати шакллантирган ҳукумат БМТнинг Термиздаги инсонпарварлик ёрдамини Афғонистонга олиб киришга ҳозирча рухсат бергани йўқ. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Жорий ой ўрталарида Termez Cargo Centre логистика марказига БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасининг Афғонистонга мўлжалланган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами олиб келинган, бу ёрдам юк машиналарида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташилиши керак эди.
UNHCR вакилига кўра, мазкур юк ҳали ҳам Термизда турибди, уни етказиб бериш санаси афғон томонидан олиб киришга рухсат берилишига боғлиқ ва бу масала Қочқинлар бошқармасининг Кобулдаги ваколатхонаси томонидан ҳал этиляпти.
БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб беришга қарор қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Афғонистонда гуманитар инқироз кучайиб бораётганини қайд этган БМТ вакиллари маълумотига кўра, бугунги кунда афғонистонликлардан камида 20 миллиони ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.