Толиблар ваъдасига ишонган Тошкент Афғонистонга электр етказиб беришни “бир соатга ҳам” тўхтатмади

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни “бир соатга ҳам тўхтатган эмас”, Кобул “ўз эҳтиёжига кўра электр энергиясини Ўзбекистондан тўла ҳажмда олмоқда”. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 23 октябрь куни россиялик журналистларга маълум қилган.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, ўзбек мулозими Афғонистонда “Толибон” томонидан шакллантирилган муваққат ҳукумат вакиллари электр энергияси бўйича Ўзбекистон олдидаги қарзни тўлалигича узиш мажбуриятини ўз зиммаларига олишганини айтган.

“Биз муҳокама ўтказдик, унда муваққат ҳукуматнинг энергетика йўналиши бўйича жавобгар бўлган вакиллари, “Афғонистон электр тармоқлари” (АЭТ) ширкати вакиллари бор эди. Вазият имкон бериши билан АЭТдаги ҳамкасблар мавжуд қарзни бутунлигича зудлик билан узишлари ҳақида келишувга эришилди, бугунги кунда эса Афғонистонда банк тизимининг фаолият юритиши ва муваққат ҳукуматнинг тан олиши билан боғлиқ муаммолар бор. Шунга қарамай, биз электр энергиясини етказиб беришда давом этяпмиз”, деган С. Умурзоқов.

Мулозим расмий Тошкентнинг бу қарорини “қийин пайтда қардош афғон халқига ёрдам бериш” истаги билан изоҳлаган.

Аввалроқ Озодлик Афғонистоннинг DABS энергетика ширкати қўшни давлатлардан сотиб олинган электр қуввати бўйича қарздорликни ёпиш учун БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш миссияси – UNAMAдан 90 миллион доллар молиявий кўмак сўрагани ҳақида хабар қилган.

Қайд этилишича, Афғонистон электр энергияси учун Эрондан 25 миллион доллар, Тожикистондан 11,2 миллион доллар ва Ўзбекистондан 9,9 миллион доллар, Туркманистондан 5,1 миллион доллар қарз бўлиб қолган.