Толибон Афғонистонда кўкнор етиштиришни тақиқлади

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятидаги фермерлар кўкнор даласида, 2022 йил 3 апрели

Афғонистонда ўтган йили ҳокимият тепасига келган “Толибон” радикал ҳаракати кўкнор етиштиришни тақиқлаб қўйди. Бу борадаги тегишли ҳужжат толиблар пешвоси Ҳайбатуллоҳ Охундзода томонидан имзоланган.

Мазкур фармонга мувофиқ, кўкнор даласи топилган тақдирда у зудлик билан пайҳон қилинади, қонунбузар эса шариат талабларидан келиб чиққан ҳолда жавобгарликка тортилади.

Бошқа гиёҳванд моддаларни ҳам ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва ташиш тақиқланган.

Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйиш 2021 йил августида ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳаракатига халқаро ҳамжамият томонидан қўйилган асосий талаблардан бири эди. Толиблар Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларидан фойдаланишни истайди.

БМТ маълумотига кўра, 2021 йили Афғонистонда афюн етиштириш ҳажми 8 фоизга ошиб, қарийб 7 тоннага етган – бу бутун дунёда етиштирилган афюннинг 85 фоизини ташкил этади. Ўтган йили Афғонистонда кўкнор етиштиришдан кўрилган даромад 2,5 миллиард доллардан ошган бўлиши мумкин.