“Толибон” Афғонистонида судланган шахс стадионда қатл этилди

"Толибон"нинг қуролли жангчиси (архив сурати)

Афғонистоннинг Пактия вилоятидаги Гардез шаҳри стадионида 13 ноябрь куни аввалроқ қотиллик айблови билан судланган шахс қатл этилди. Озодлик афғон хизматининг стадиондаги қатлга гувоҳ бўлган France Presse агентлиги мухбири сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, қатлни томоша қилиш учун минглаб маҳаллий турғун тўпланган. Судланган шахс кўксига учта ўқ отиш билан ўлдирилган. Қайд этилишича, ўқлар судланган шахс томонидан ўлдирилган кишининг оила аъзоси томонидан отилган.

Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” радикал ҳаракати назоратидаги Олий суд судланган шахс ўз қурбонини отиб ўлдиргани учун, шариат талабларига мувофиқ, унга ҳам айнан шундай жазо берилганини билдирган. Суд ҳукми “Толибон” лидери мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода томонидан тасдиқланган. Қатл маросимида толиблар шакллантирган ҳукуматнинг ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний иштирок этган.

2021 йилда ҳокимият тепасига қайтган толиблар анъанавий ислом шариати талабларига риоя қилаётганлик иддаоси билан мамлакатда қатор кескин меъёрларни жорий қилишган. Бу кескин чоралар айниқса аёллар ҳуқуқларини чеклашда намоён бўлмоқда. Шунингдек, “Толибон” Афғонистоннинг катта қисмини биринчи марта назорат қилган 1996-2001 йилларда кенг қўлланилмиш омма кўз олдидаги қатл амалиёти ҳам тикланган. Бироқ ҳозирда қатллар сони анча камайган – уч йил ичида қатл билан боғлиқ олтита ҳолат тўғрисида маълум, холос. Бу қатлларнинг ҳар бири халқаро ҳамжамият танқидига сабаб бўлган.