Афғонистон бош вазири вазифасини бажараётган Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 19 январь куни халқаро ҳамжамиятни Толибон ҳукуматини тан олишга чақирди. Толибон асосчиларидан бири бўлган Оҳунднинг Кобулда ўтган матбуот анжуманида билдиришича, Толибон халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш бўйича барча талабларини бажарган.
"Мен барча ҳукуматларни, айниқса ислом давлатларини тан олиш жаранини бошлашга чақираман”,- деди Оҳунд.
У ўз сўзида Афғонистоннинг хориж давлатларидаги музлатилган активларини қайтаришни ва жиддий иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган мамлакатга гуманитар ёрдамни кўпайтиришни ҳам талаб қилди.
Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келган эди. Шу кунгача жаҳондаги бирорта мамлакат Толибон ҳукуматини тан олган эмас.