Сешанба куни Толибон Афғонистон жанубида янада кўпроқ ҳудудни эгаллаб олган. Гуруҳ Ҳелманд вилояти маркази бўлмиш Лашкаргоҳ шаҳрининг 10 туманидан тўққизтасини қўлга киритган. Бу ҳақда “The Associated Press” агентлиги туман аҳолиси ва расмийларига таяниб хабар бермоқда.
Афғонистон ҳукумат қўшинлари шаҳарни ҳимоя қилиш учун АҚШ ёрдами билан ҳаво ҳужумларини амалга оширган.
Лашкаргоҳ шаҳри Толибон қўлига ўтса, бу экстремистик гуруҳ сўнгги ойларда амалга ошираётган ҳужумларда бурилиш нуқтаси бўлади. Бу, шунингдек, узоқ пайтдан бери Толибон қўлга киритган биринчи вилоят маркази бўлади.
АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетар экан, Толибон мамлакатнинг йирик қисмини эгаллаб олди.
“The Associated Press” агентлигига телефон орқали интервью берган шаҳарликлар жанглар туфайли уйларидан чиқа олмаётганликларини сўзлаб берган. Уларнинг сўзларига кўра, кўчалар Толибон жангчиларига тўлган.
Лашкаргоҳ шаҳри турғунлари шаҳарнинг битта тумандан бошқа барча туманлари гуруҳ назоратига ўтганини сўзлаб беришган.
Кобулдан махсус қўмондонлик бўлинмалари мамлакат кучларига ёрдам бериш учун Лашкаргоҳга юборилган. Хабарларга кўра, муҳим ҳукумат идоралари, жумладан, маҳаллий полиция ҳамда армия бўлимлари Кобул кучлари назорати остида қолмоқда.
Ҳелманд вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мажид Охунд Толибон Лашкаргоҳнинг тўққизта туманини эгаллаб олгани, шунингдек, шаҳарнинг телерадиоканалини ҳам қўлга олганини тасдиқлаган.
Афғонистон қўшинларининг Ҳелманд бўйича қўмондони генерал Сами Садат сешанба куни аҳолини Толибон назоратга олган туманларни зудлик билан тарк этишга чорлаган. Аммо генерал аҳоли қандай қилиб жанглар давом этаётган бир пайтда уйини тарк этиши мумкинлигини очиқламаган.
Генерал ўз кўрсатмаларини аудиохабар шаклида юборган. Садатнинг аудиохабаридан Кобул Лашкаргоҳда янада кўпроқ ҳаво ҳужумларини амалга оширишни режалаштираётганини хулоса қилиш мумкин.
“Илтимос, оилаларингизни уйларингиздан ва унинг атрофидаги ҳудуддан эвакуация қилинглар”, деган Садат.
“Биз Толибонни тирик қолдирмаймиз. ... Биламан, бу қийин ... биз буни сизнинг келажагингиз учун қиламиз. Агар бир неча кунга кўчиб кетишга мажбур бўлсангиз, бизни кечиринглар. Иложи борича тезроқ эвакуация қилинглар”.
Лашкаргоҳ Толибон ҳужумига учраган уч вилоят марказининг биридир. Сўнгги ойларда Толибон мамлакатнинг ўнлаб туманини босиб олди. Уларнинг кўпчилиги олис, аҳоли кам яшайдиган ҳудудларда жойлашган.
Бу жангларда Афғонистон ҳукумати қўшинлари кўп ҳолатларда таслим бўлди ёки деярли қаршиликсиз жанг майдонини тарк этди.
Шунингдек, сўнгги ҳафталарда Толибон Эрон, Покистон ва Тожикистон билан бир қанча даромадли чегара пунктларини ҳам қўлга киритди.
Кейинги пайтда Толибон вилоят марказларига ҳужум қила бошлади, чунки АҚШ ва НАТО қўшинларини олиб чиқиш 95 фоизга тамомланган. АҚШ ва НАТОнинг сўнгги аскарлари 31 августга қадар Афғонистондан чиқиб кетиши кутилмоқда.
Лашкаргоҳдан ташқари Толибон қўшни Қандаҳор вилояти ҳамда мамлакат ғарбида жойлашган Ҳирот вилояти марказини ҳам қамал қилган.
Душанба куни Афғонистон президенти Ашраф Ғани АҚШ ва НАТО қўшинларининг шошилинч равишда олиб чиқиб кетилаётгани мамлакатда хавфсизлик ҳолати ёмонлашишига сабабчи эканини таъкидлади.
Аммо таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, чуқур илдиз отган коррупция ва чала тайёргарлик Афғонистон кучларини саросимага солиб қўйган. Мутахассислар элита қўмондонлик бўлинмалари Толибон ҳаракатига қарши кураша оладиган ягона гуруҳ эканини айтишмоқда.
Америка ва НАТО қўшинларининг олиб чиқиб кетилаётгани Афғонистон ҳаво кучлари учун катта йўқотиш бўлди. Хорижий қўшинлар билан бирга қирувчи учоқларни таъмирлаш билан шуғулланган пудратчилар ҳам мамлакатни тарк этган.
АҚШ фуқаролари тўлаган солиқлар Афғонистонда қандай сарфланаётганини назорат қилиб келаётган гуруҳ маълумотларига кўра, айни дамда Афғонистонда ҳарбий учоқлар ўз вақтида таъмирланмаяпти.
Сешанба куни Ҳирот вилояти пойтахти Ҳирот шаҳрида афғон кучлари Толибонни ортга қайтаришга қодир бўлгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, исёнчилар шаҳар чеккасига чекинган. Шунингдек, Ҳирот шаҳридаги фуқаролик аэропорти қайта очилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тобора кучайиб бораётган шафқатсиз тўқнашувларда ҳар икки томон тинч аҳоли орасида ўлимлар сони ошишига сабаб бўлаётганини айтиб, хавотир изҳор қилди.
Сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги миссияси “Twitter”да аҳоли зич жойлашган ҳудудларда жангларни тезда тугатишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, сўнгги уч кун ичида Лашкаргоҳда 10 нафар тинч фуқаро нобуд бўлган, 85 киши яраланган. Қандаҳор вилоятида эса камида 5 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 42 киши жароҳат олган.
Минглаб одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Лашкаргоҳ аҳолисининг айтишича, шаҳар ичида амалга оширилаётган ҳаво ҳужумлари ҳам одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбурламоқда.
“Шаҳарда ҳар сафар бомба портлаганида 13 ёшли ўғлим сапчиб тушади ва бақиради”, деди Лашкаргоҳда яшовчи Муҳаммад Хон.
Хон оиласининг ярмини шаҳар ташқарисига кўчирганини, қолган ярмини ҳам эвакуация қилишга уринаётганини айтди.
Яна бир лашкаргоҳлик Низомиддин ўз оиласи билан уйида яшириниб ўтирганини ва ташқарига чиқишда қўрқаётганини айтди.
АҚШ ва бошқа давлатлар Толибон Афғонистонни ҳарбий йўл билан эгаллаб олса, улар халқаро миқёсда яккамохов бўлиб қолиши ҳақида огоҳлантириб келади.
Толибон 1990‑йилларда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганида гуруҳни фақат учта давлат – Покистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари тан олган эди.
Сешанба куни АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси “Twitter”да “Толибон барча афғон фуқароларининг қадр-қиммати ҳамда инсон ҳаётига беписандлик билан қараётгани бутун дунёни ларзага солди. Қонуний раҳбарлар ёки ҳукуматлар бундай йўл тутмайди”, деб ёзди.