Афғонистонда шариат қонунларининг устуворлиги кучайтирилди

Толибон лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода афғон судларига суд жараёнлари ва ҳукм чиқаришда шариат қонунларига амал қилиш тўғрисида буйруқ берди. Бу Афғонистонда жамоат олдида қатл қилиш, тошбўрон қилиш, бош олиш ва оёқ-қўлни кесиш каби жазо турлари амалга киритилишини англатади.

Охунзода судларга шариатда “худуд” деб аталадиган жиноятлар гуруҳига алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Бу гуруҳга мансуб жиноятлар учун жазо турлари шариатда аниқ белгилаб берилган ва улар ўзгартирилиши мумкин эмас.

Мазкур гуруҳга ўғирлик, талончилик, зино ёки зино қилишда ёлғондан айблаш, алкоголли ичимликлар ичиш ва ширк каби жиноятлар киритилган. Ҳуқуқ фаоллари Толибон ўзига қарши чиққан фаолларни “ширк”да айблаши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда.

Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулда ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери ижтимоий тармоқларда, оммавий ахборот воситаларида ҳалойиқ олдида жазоланаётганларнинг суратлари пайдо бўлди. Толибон полицияси қўлга олиш пайтида ўлдирилганларнинг суратларини ҳам очиқдан-очиқ намойиш қилиб келмоқда.

Толибон ҳукумати 2021 йилнинг 15 августигача НАТО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келган афғонларни ҳам репрессия қилаётгани айтилмоқда. Толибон ҳокимиятга келиши ортидан Афғонистонда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари кескин чекланди. Халқаро ҳамжамият Толибонни қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлашга чақирди.

Толибон ҳаракати жаҳоннинг кўплаб давлатларида террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган. Толибон ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.
Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан расмий даражада мулоқот қилмоқда ва Афғонистонда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.