Толибон ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёр. Бу ҳақда, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Толибон вакиллари жорий йилнинг 30 ноябрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги делегация билан Кобулда ўтказилган учрашувда билдирганлар.
Қайд этилишича, мезбонлар Афғонистон мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилишига ваъда берганлар.
Кобулдаги турли муассасаларда олиб борилган учрашувларда Афғонистондаги мавжуд вазият, афғон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилган.
Толибон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлаган.