Толибон ҳукумати афғон полициясининг аёллар бўлинмасини ташкил этмоқда

Афғонистондаги полициячи аёллар.

Толибон ҳукумати афғон полициясининг аёллар бўлинмасини ташкил этмоқда. Бўлинмага Толибон ўтган йилнинг 15 августида ҳукуматни эгаллаб олгунига қадар ички ишлар вазирлиги тармоғида ишлаган аёллар жалб этилмоқда. Озодлик радиоси афғон хизматининг хабар беришича, ҳозирда мазкур бўлинмада юз нафар аёл тайёргарликдан ўтказилмоқда.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Толибон мана шундай йўл билан аёлларнинг норозилик намойишларини куч билан бостирилишига қарши кайфиятларни ўзгартирмоқчи ва аёл полициячиларни митингларда фаол аёллар билан ишлашга жалб этмоқчи.

Толибон ҳокимиятга келгач, аёллар ҳуқуқлари кафолатланишини ваъда қилган, аммо кўп ўтмай чекловларни жорий эта бошлаган эди. Жумладан, Толибон 20 йил фаолият юритган Аёллар ишлари бўйича вазирликни тугатди, қизларнинг мактабда ўқишини чеклади, аёлларга спорт билан шуғулланишни тақиқлади ва телебошловчиларни ҳижоб кийишга мажбурлади.

Май ойида эса Толибон аёлларни заруратсиз кўчага чиқишини тақиқлади ва жамоатчилик жойларида паранжи кийиб юриш мажбуриятини юклади.

Толибон ҳаракати жаҳоннинг кўплаб давлатларида террорчи ташкилот сифатида эътироф этилган. Толибон ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Шунга қарамай Ўзбекистон ҳукумати Толибон билан расмий даражада мулоқот қилмоқда ва Афғонистонда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.