Афғонистон шимолидаги бошланғич мактабларда ўқувчи қизлар заҳарлангани тўғрисида Озодликнинг афғон хизмати хабар берди. Маҳаллий расмийлар қизларни номаълум шахслар махсус заҳарлаган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Заҳарланиш ҳолатлари Сарипул вилоятининг Санғарчоқ туманида қайдга олинди. Обе Кабуд мактабида 60 қиз, Файзобод мактабида 20 нафардан кўпроқ қиз заҳарланган. Бу маълумотни маҳаллий маданият ва ахборот бўлими бошлиғи Муҳаммад Умар Сарипулий тасдиқлади.
Заҳарланганлар орасида тўрт ўқитувчи, бир ўқувчи қизнинг қариндоши ва бир нафар мактаб ходими ҳам бор. Уларнинг қай тарзда заҳарлангани ҳозирча маълум эмас. Уларнинг нафас олиши қийинлашган ва қуса бошлашган. Заҳарланганларнинг барчаси касалхонага ётқизилган.
Сарипул вилояти таълим бошқармаси раҳбари Муҳаммад Раҳмоний иддаосича: “Номаълум шахс ўқувчи қизларни заҳарлаш учун жиноятчиларни ёллаган”.
Афғонистонда 2021 йилнинг 15 августида ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини чеклаган. Толибон ҳукумати қизларга 6-синфгача ўқишга рухсат берган.