Толиблар Қундуз вилояти маъмурий маркази, муҳим стратегик аҳамиятга эга Қундуз шаҳрини босиб олишди.
Маҳаллий ҳукумат вакили Би-би-си радиосига шаҳарнинг аэропортдан бошқа барча мавзелари “Толибон” назоратига ўтганини маълум қилган. Етиб келаётган хабарларга кўра, шаҳарда ёнғин бошланган.
Хорижлик айрим мухбирлар тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги, жумладан аёллар ва болалар нобуд бўлгани ҳақида хабар қилишган. Ушбу маълумот расман тасдиқланган эмас.
8 август куни Қундуз таслим бўлгани ҳақида хабар қилган CNN телеканали ушбу шаҳарни толиблар томонидан жорий йил май ойида ҳужум амалиёти бошланганидан бери улар қўл остига ўтган дастлабки муҳим вилоят маркази, деб атаган.
“Толибон” янги ҳудудларни ишғол этиши манзарасида Пентагон ҳаракатни “ҳалол музокаралар”га чақирмоқда.
АҚШ Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги вазиятга баҳо берган ва “Толибон” ҳаракатининг ҳукумат қўшинларига ҳужумлари шароитида АҚШ миссиясини аниқлаштирган ҳолда баёнот тарқатди, дея хабар қилди “Америка овози”.
Афғонистондаги АҚШ миссияси, президент Жо Байден кўрсатмасига мувофиқ, ҳали-ҳамон Америка қўшинларини хавфсиз ва тартиб билан олиб чиқиб кетишда ифодаланади, дейилган мақолада. Айни пайтда АҚШ Афғонистон ҳукумати кучларини молиявий ва техник жиҳатдан, шунингдек, мумкин бўлганда, “ҳаводан ҳимоявий зарбалар бериш” орқали дастаклашда давом этади.
“Толибон” томонидан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани, жумладан унинг ноҳукумат ташкилотлар биноларига зўрлик билан киргани ва тинч фуқаролардан тирик қалқон ўрнида фойдаланганига оид кўплаб хабарлар Вашингтон расмийларини “ларзага солган”.
Пентагон “Толибон” ҳаракатини ҳужум операцияларини тўхтатиб туришга ва можарони музокаралар йўли билан ҳал этиш учун “ҳалол мулоқотга киришиш”га чақирган.