Толибон Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистонга снаряд отган гуруҳ қўлга олинганини билдирди

Афғонистон. Иллюстратив сурат.

Толибон ҳукумати Афғонистонда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудини снарядлар билан ўққа тутган гуруҳ қўлга олинганини маълум қилди.

Толибон расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид 16 июль куни Twitter саҳифасида 15 июлга ўтар кечаси Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб тумани Қанжага қишлоғида “Ислом давлати” жангариларидан иборат гуруҳ жисмонан йўқ қилинганини ёзди.

“Махсус амалиёт пайтида жиноий гуруҳнинг 3 аъзоси ўлдирилди, 5 нафари асирга олинди. Улар яқиндагина Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ракета отишган”, -дейилади Мужоҳид баёнотида.

Айни пайтда бу маълумотни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконияти мавжуд эмас.

Сўнгги тўрт ойда Афғонистондан туриб Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудуди камида тўрт марта ўққа тутилгани айтилади.

Жумладан, 17 июлда ижтимоий тармоқларда “Афғонистондан Ўзбекистон томонга баравар ўт очиш реактив тизимидан 8 снаряд учирилган”ига оид хабарлар тарқалган эди.

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди. Вазирлик иддаосича, ижтимоий тармоқларда бу ҳақда тарқатилаётган хабарлар "ёлғон бўлиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди".

7 май куни афғон нашрлари жангарилар Афғонистондан туриб Тожикистонга 7 та ракета отгани тўғрисида хабар берган. Душанбе “снарядлар тасодифан Тожикистон ҳудудига келиб тушгани”ни, бу воқеадан сўнг “чегара кучлари жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилгани”ни билдирган.

Бундан қарийб икки ҳафта муқаддам Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани ҳақида Озодлик илгари хабар қилган.

Шунингдек, апрель ойида қатор расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларига ўнта ракета отилганига оид хабарлар пайдо бўлган.