Тошкентда ўтаётган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Толибон ҳукуматини террорчилар билан алоқаларни узишга чақирди.
«Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз», — дейилади мурожаатда.
Айни пайтда Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада кучайтириши мумкинлигини, шунинг учун “бунга йўл қўйиб бўлмаслигини” таъкидлади. Ўзбекистон президенти халқаро ҳамжамиятни “афғон халқи билан бирдамликни намоён этиш”га чақирди.
Анжуманда нутқ сўзлаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Афғонистон иқтисодиётини тиклаш учун мамлакатнинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш муҳимлигини қайд этди.
«Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» анжумани 25 июлда бошланиб, 26 июлда якунланади. Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги мазкур анжуманга 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар қатнаши истагини билдирганини маълум қилганди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.