Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамроев 20 июнь куни ўтган матбуот анжуманида Толибонга Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини қуришга кўмаклашишини билдирди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар берди.
Вазирга кўра, Ўзбекистон делегацияси шу йилнинг 22 мартида Кобулга борган ва Толибон ҳукумати расмийларига Қўштепа канали қурилишидан ташвиш билдирган. Ўзбек делегацияси каналнинг қурилиши Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтириши мумкинлигини таъкидлаган. Толибон эса Афғонистондаги озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш учун сув зарур эканлигини ва канал қурилиши тўхтатилмаслигини маълум қилган.
Шавкат Хамроев шундан сўнг канал қурилишидаги хато ва качиликларни тугатиш мақсадида Ўзбекистон Толибонга канални ҳамкорликда қуриш таклифини киритганини айтди. Вазирга кўра, яқин ҳафталарда Ўзбекистон делегация бу масалада музокаралар ўтказиш учун яна Кобулга боради. Шавкат Хамроев фикрича Тошкентнинг “Толибон билан дўстона мулоқот қилаётгани энг тўғри ва самарали йўлдир”.
Озодлик жорий йилнинг 30 мартида “Толибоннинг "ҳалокатли канали". Ўзбекистон нега жим?” сарлавҳали мақола ва видеоматериални эълон қилган эди. Унда мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув заҳираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирганди.
Қўштепа каналининг узунлиги 285 километр, эни юз метр, чуқурлиги 8,5 метр.Канал қуриб битказилгач, Афғонистон Амударёнинг 10 куб/ километр сувини олиш имконига эга бўлади. Бу камида Амударё сувининг учдан бир қисми деганидир.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни сувни тежаш тўғрисидаги фавқулодда қарорни имзолаган эди. Қарорда таъкидланишича, Сирдарёда сув ҳажми 10-15 фоизга, Амударёда эса ундан ҳам кескин – 20 фоиз қисқариши кутилмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди