Толибон Тошкентни афғон учувчилари миниб чиқиб кетган вертолётларни қайтаришга чақирди

Август ойида Афғонистонни тарк этган пилотларнинг айримлари Ўзбекистонга UH-60 Black Hawk вертолётларида учиб келишган

Толибон шакллантирган муваққат ҳукумат раҳбарининг ўринбосари мулла Абдул Ғани Бародар Ўзбекистонни аввалги ҳукумат қулаши ортидан афғон учувчилари мамлакатдан миниб чиқиб кетган учоқ ва вертолётларни қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Аfghanistan.ru нашри хабар қилди.

Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги ўзбек делегацияси 30 ноябрь куни Кобулда Толибон вакиллари билан учрашувлар ўтказгани ҳақида Озодлик кеча хабар қилган.

Аввалроқ афғон учувчилари мамлакатдаги учоқ ва вертолётларнинг 25 фоизини миниб, Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб чиқиб кетгани ҳақида хабар қилинган.

Термиздаги лагерда сақланган афғонистонликлар орасида 15 нафар учувчи A-29 Super Tucano ҳужумчи учоғи, 11 нафар учувчи Sikorsky UH-60 Black Hawk вертолётларида, 12 нафар учувчи MD-530 вертолётларида ва бир қанча учувчи Ми-17 вертолётларида Афғонистонни тарк этгани айтилган.

Улар толиблар ҳокимиятни эгаллаб олишга бир неча соат қолганда Афғонистондан чиқиб кетишган. Ўшанда Мозори Шариф ва Кобул аэропортларидан 46 та учоқ учиб кетишга муваффақ бўлгани, улардан бири Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари учоғи билан тўқнашиб кетгани айтилган эди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга келган афғонистонликларнинг ҳаммаси 12-13 сентябрь кунлари учинчи мамлакатларга чиқиб кетишган.