Толибон вакили: Афғонистонни тиклашда Хитой “бош ҳамкоримиз” бўлади

Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид

Толибон вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид 2 сентябрь куни Италиянинг “La Repubblica” газетаси мухбири билан мулоқотда Хитой Афғонистонда иқтисодий тангликнинг олдини олиш ва мамлакатни тиклашда ҳаракатнинг “бош ҳамкори” эканини айтди.

Афғонистонда Ғарб қўлловидаги ҳукумат қулаб, унинг ўрнига иқтидорга келган толиблар бирмунча мўътадил сиёсат юргизиш, айрим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўз мухолифларини қатағон қилишдан тийилишга ваъда беришган.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги ўз дипломатик миссияларини ёпди. Ғарб мамлакатлари ўз тарафидан Толибон ҳукумати тан олиниши ва мамлакатга иқтисодий ёрдам кўрсатилиши гуруҳнинг хатти-ҳаракатларига боғлиқлигини таъкидламоқда. Бироқ Хитой сиёсий ва иқтисодий алоқаларда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга эътибор бермаслиги турган гап.

“Хитой бизнинг бош ҳамкоримиз, биз учун жиддий ва катта имкониятлар ифодачисидир, чунки у бизнинг мамлакатга сармоя киритишга ва уни тиклашга тайёр”, деган Мужоҳид “La Repubblica”га.

Мужоҳид толибларнинг Пекин ташаббуси бўлмиш “Бир макон, бир йўл” глобал лойиҳасида иштирок этишдан манфаатдорлигини урғулаган.

“Бизнинг катта мис конларимиз бор, хитойликлар шарофати билан улар модернизация қилинади. Ниҳоят, Хитой бизни бутун дунё бозорларига олиб борувчи йўл бўлиб хизмат қилади”, деган Мужоҳид.

Толибоннинг яна бир вакили Хитой ўзининг Афғонистондаги элчихонасини ёпмасликка, алоқаларни мустаҳкамлашга ва гуманитар ёрдам ҳажмини оширишга ваъда берганини айтган.