БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс халқаро ташкилот Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттиришини ваъда қилган. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати вакили Суҳайл Шоҳин маълум қилди.
Унга кўра, Гриффитс бу ҳақда “Толибон”нинг сиёсий қаноти лидери Абдул Ғани Бародар ҳамда ҳаракатнинг бошқа вакиллари билан Кобулда 5 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашув якунида билдирган.
Шоҳиннинг Twitter микроблоги орқали маълум қилишича, Гриффитс БМТ “бундан буён ҳам афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишда давом этишини ваъда қилган” ҳамда донор мамлакатларнинг бўлажак учрашуви чоғида Афғонистонга ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақиришини билдирган.
Шоҳин толиблар БМТ делегациясини “ўзаро ҳамкорлик ва зарур бинолар тақдим этиш”га ишонтирганларини қўшимча қилган.
Афғонистонда ўтган ой Ғарб мамлакатлари томонидан дастакланган ҳукумат қулаб, толиблар ҳокимият тепасига келгани ортидан хориждан келаётган ёрдам тўхтаб қолгани туфайли мамлакат гуманитар инқироз билан юзма-юз қолган. Мамлакатдаги вазият минтақада кузатилаётган кучли қурғоқчилик туфайли янада таранглашмоқда.
Аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш учун якшанба куни Халқаро Қизил хоч қўмитаси раҳбари Петер Маурер Афғонистонга ташриф буюрди. Унинг тиббиёт муассасалари, хасталар ва зўравонлик қурбонлари учун реабилитация марказларига бориши ҳамда Халқаро Қизил хоч қўмитаси ходимлари билан учрашиши кутилмоқда.