“Толибон” радикал ҳаракати айни пайтда Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги толибларнинг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
З. Мужоҳидга кўра, Афғонистоннинг Эрон, Туркманистон ва Тожикистон билан чегаралари ҳозирда “Толибон” ҳаракати томонидан тўла назоратга олинган.
“Афғонистон-Ўзбекистон чегарасининг катта қисми ҳам толиблар назорати остида, фақат Калдардаги Ҳайратонгина Кобул назорати остидадир”, деган “Толибон” вакили.
Аввалроқ Москвада матбуот анжумани ўтказишган “Толибон” вакиллари Афғонистон ҳудудининг 85 фоизидан кўпроғи ҳаракат томонидан назоратга олинганини иддао қилишганди.
Ўтган бир ой ичида “Толибон” ҳаракати, маълумотларга кўра, Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни минтақаларида йигирмадан ортиқ туман назоратини қўлга киритган.
Толибларнинг ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кета бошлагани ортидан кучайган.
Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги чегара узунлиги 137 километрни ташкил қилади.