Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 14 сентябрь куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Толибон вакилларига инсонпарварлик ёрдами топширилганини тасдиқлади.
“Мазкур инсонпарварлик ёрдами – ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойабзаллардан иборат бўлиб, бу ўзбек халқининг биродар Афғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодасига айланди”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Ўзбекистон расмийлари сешанба куни Афғонистонга 1300 тоннадан иборат гуманитар ёрдам кўрсатгани, уни Толибон вакилларига президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов топширгани тўғрисида аввалроқ хабар қилинган эди.
Ташқи ишлар вазирлиги қайдича, кечаги маросимда Толибон тузган ҳукумат вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид сўзга чиқиб, “бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик” билдирган.
Тадбир чоғида “Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида” баҳоланган.