Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов билан Тошкентда ўтган учрашувда Афғонистон бундан буён Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига хавф солмаслигини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 26 июль куни маълум қилди.
Вазирлик билдирувида Толибон вазири сўзларидан тўлиқ ва аниқ иқтибос келтирилган эмас. Муттақий Тошкентда ўтаётган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун келган.
Учрашув пайтида Мутаққий Тошкентда Афғонистонга оид халқаро конференция ўтаётганини олқишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
Толибон ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ҳукуматига Термиздаги гуманитар хаб орқали Афғонистонга халқаро гуманитар ёрдамни етказиб бераётгани, энергетик ва инфраструктуравий лойиҳаларни амалга ошираётгани учун миннатдорчилик билдирди.
Ўз ўрнида Владимир Норов Толибон ҳукуматини халқаро ҳамжамият талабларини тезроқ бажаришга, жумладан, афғон жамиятининг барча табақалари тамсил этилган ҳукуматни шакллантиришга, аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлашга, қизларни тўлақонли таълим олишига имконият яратишга чақирди.
Тошкентда 25-26 июль кунлари «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» анжумани ўтмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги мазкур анжуманга 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар қатнаши истагини билдирганини маълум қилганди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.
Айни пайтда сўнгги тўрт ойда Афғонистондан туриб Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудуди камида тўрт марта ўққа тутилгани айтилади.
Жумладан, 17 июлда ижтимоий тармоқларда “Афғонистондан Ўзбекистон томонга баравар ўт очиш реактив тизимидан 8 снаряд учирилган”ига оид хабарлар тарқалган эди.
Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилганини рад этди. Вазирлик иддаосича, ижтимоий тармоқларда бу ҳақда тарқатилаётган хабарлар "ёлғон бўлиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди".
7 май куни афғон нашрлари жангарилар Афғонистондан туриб Тожикистонга 7 та ракета отгани тўғрисида хабар берган. Душанбе “снарядлар тасодифан Тожикистон ҳудудига келиб тушгани”ни, бу воқеадан сўнг “чегара кучлари жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилгани”ни билдирган.
5 июль куни Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани ҳақида Озодлик илгари хабар қилган.
Шунингдек, апрель ойида қатор расмий сайтларда ва ижтимоий тармоқларда Афғонистон томонидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий бўлинмаларига ўнта ракета отилганига оид хабарлар пайдо бўлган.