Россиянинг Томск вилоятида меҳнат муҳожирларига такси хизматини кўрсатиш, умумий овқатланиш ва таълим муассасаларида ишлаш тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда вилоят губернатори Владимир Мазур ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
Мулозимга кўра, мазкур қарор “аксилтеррор комиссияси томонидан миллий диаспора вакилларининг бевосита иштирокида” қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 ноябридан Томск вилоятида меҳнат патентига эга бўлган хорижликлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар ишлаб чиқариш, чакана савдо, таксида йўловчи ташиш, шаҳар ва шаҳарлараро транспорт воситаларини бошқариш, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, мутахассис танлаш, хавфсизликни таъминлаш, умумий, ўрта касбий ва олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ишлаш тақиқланади.
Аввалроқ “Агентство” нашри Россия ҳудудларининг учдан бирида мигрантлар фаолиятига чеклов киритилгани ҳақида ёзган эди. Бундан ташқари, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда ҳам мигрантлар фаолиятига чеклов киритилган.
Айни пайтда Россиянинг 27 та минтақасида мигрантларга таксида ишлаш ман қилинган. Меҳнат муҳожирларининг савдо соҳасида ишлашга эса 18 та минтақада чеклов жорий этилган. Айрим вилоятларда мигрантларнинг меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш шохобчалари, кутубхоналар ва ҳатто молиявий хизмат соҳасида ишлаши тақиқланган.
2023 йил охиридан бошлаб маҳаллий расмийлар Россия паспортини олган ва Украинадаги урушга боришни истамаган хорижликларни излаб топиш бўйича рейдлар сонини икки баравар оширишган.