Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг 20 май куни “Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий сайтида маълумот тарқатилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари томонидан 2022 йил 22 декабрида Тошкентда имзоланган иттифоқчилик шартномаси жорий йилнинг 25 апрель куни Қозоғистон Сенати депутатлари томонидан ратификация қилинган эди.
Шу тариқа шартномани кучга киритиш бўйича Қозоғистон томони ҳам барча юридик процедураларни бажариб бўлди.
Икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик шартномасига оид қонун 2023 йил 22 ноябрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, 25 ноябрида Сенат томонидан маъқулланган, 30 ноябрь куни эса у президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган эди.
Ҳужжат Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транзит-транспорт, энергетика, маданий-гуманитар, фуқаровий мудофаа соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган бўлиб, унда халқаро майдонда ҳам ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Шартнома моддаларига мувофиқ, томонлар икки мамлакат парламентлари, сиёсий партиялари ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишига кўмаклашишади, шу билан бирга, ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида, халқаро террорчилик, диний экстремизм ва айирмачилик, трансмиллий уюшган жиноятчилик, кибержиноятчилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, ноқонуний қурол, наркотик ва психотроп моддалар савдоси дохил хавфсизлик учун янги хатар ва таҳдидларга қарши кураш масалаларида тиғиз ҳамкорлик қилишади.