Тоқаев Остонада Саида Мирзиёевани қабул қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ў) ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевнинг катта қизи Саида (ч) билан, Остона, 2024 йил 5 августи

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёевани қабул қилди, дея маълум қилди Оқўрда матбуот хизмати.

Хабарномада қабул чоғида икки мамлакатлар ўртасидаги кўптомонлама ҳамкорликни янада олға силжитишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилинган.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг иттифоқчилик ва стратегик характерини қайд этаркан, Қасим-Жомарт Тоқаев юқори даражадаги сиёсий мулоқотни самарали равишда кенгайтириш учун президентлар маъмуриятлари ўртасидаги тиғиз алоқалар ўрнатишнинг муҳимлигини урғулади. Ахборот-мафкуравий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида, шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган Оқўрда хабарномасида.

Қозоғистон президенти “Заковат” халқаро интеллектуал ўйинларининг Остонада ўтказилишини олқишлаб, бу каби тадбирлар халқларнинг маданий жиҳатдан яқинлашувида муҳим роль ўйнашини қайд этди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Саида Мирзиёева билан учрашуви Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг 7-8 август кунларига белгиланган Остона сафари арафасида бўлиб ўтди. Бу кунларда Остонада Тошкент маданияти кунлари ҳам ўтказилади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев катта қизи Саида Мирзиёевани ўтган йилнинг август ойида президент ёрдамчиси лавозимига тайинлаган эди.