Тоқаев Қозоғистонда навбатдан ташқари президент сайлови ўтказилишини эълон қилди

Қасим-Жомарт Тоқаев

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 1 сентябрь куни мамлакат халқига йўллаган мурожаатида шу йил кузида президент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Тоқаев таъбирича, «адолатли Қозоғистон барпо этиш йўлидаги комплекс ва туб ислоҳотларни муваффақият билан амалга ошириш учун халқдан янги ишонч мандати зарур».

«Мен учун давлат манфаати ҳар нарсадан устун. Шунинг учун ҳам мен ўз ваколатларим муддатини қисқартириб, навбатдан ташқари президент сайловига боришга тайёрман», деди Қозоғистоннинг амалдаги президенти.

Тоқаев президент ваколатлари муддатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз битта 7 йиллик муддат билан чеклашни «тавсия қилиши»ни айтди.

Мавжуд қонунчиликка кўра, Қозоғистон президенти беш йилга сайланади, аммо бир одам бу лавозимга икки мартадан кўп сайланолмайди.

Амалдаги президентнинг ваколат муддати 2024 йилда тугаши керак. Аввалроқ Тоқаев президент сифатида икки муддат ишлаб беришни режалаётганини айтган эди.