Тоқаев: Қозоқ тили бизнес, техника ва фан тилига айланиб бормоқда

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев (ўртада) Атирауда ўтказилган Миллий қурултойда, 2024 йил 14 марти

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14 март куни Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултойда қозоқ тилига талаб йилдан йилга ошиб бораётганини айтди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.

Тоқаевга кўра, қозоқ тилидан фойдаланиладиган соҳаларни кенгайтириш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

“Бизнес, техника ва фан тилига айланиб бораётган қозоқ тилига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Тилни бундан буён босқичма-босқич ривожлантиришнинг энг яхши йўли уни маориф орқали ривожлантиришдир”, деган Тоқаев.

Тоқаев иддаосича, бугунги кунда йирик китоб дўконларида қозоқ тилидаги адабиётлар улуши кўпайган.

Кейинги пайтларда ноширларнинг янги авлоди дунёдаги кўплаб бестселлерларни таржима қилиб, нашр қилмоқда. Фақат бадиий адабиётгина эмас, бизнесга оид адабиётлар ҳам таржима қилиняпти. Давлат сиёсатининг моҳияти ҳеч кимни мажбурламаган ҳолда қозоқ тили ролини кундалик ҳаётда босқичма-босқич мустаҳкамлашдан иборатдир”, деган Қозоғистон президенти давлат тили бўйича фақат гап-сўз билан чекланиш фойдасизлиги, бу жабҳада конкрет ишлар амалга оширилиши лозимлигини қўшимча қилган.

Қозоғистон ҳукумати 2023 йил 16 октябрдаги қарори билан 2023–2029 йилларда Қозоғистонда тил сиёсатини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган. Ҳужжат муаллифлари фикрича, 2029 йилга бориб қозоқ тилини биладиган аҳоли улуши 84 фоизгача кўтарилиши керак.

2022 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, сўралганларнинг 80 фоизи қозоқ тилини билишини айтган ва 49 фоиз респондент бу тилдан кундалик ҳаётида фойдаланишини маълум қилган. Сўралганлардан 20 фоизга яқини давлат тилини билмаслигини қайд этган.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, Қозоғистонда қозоқ тили давлат тили бўлиб ҳисобланади, рус тили эса расмий тил мақомига эга. Давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларида қозоқ тили билан бир қаторда рус тилидан ҳам расман фойдаланилади.