Тоқаев Зеленский билан Қозоғистон ва Украина ўртасидаги гуманитар алоқага оид масалаларни муҳокама қилди

Кўнгиллилар Қозоғистондан Украинага олиб келинган ўтовларни туширишмоқда (Марат Дарменов фотосурати)

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 16 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилган.

Оқўрда матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида давлат раҳбарлари Қозоғистон билан Украина ўртасидаги “гуманитар алоқалар масаласини муҳокама қилишган”.

“Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистоннинг Россия билан Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари асосида дипломатик йўл билан ҳал қилиниши кераклигига доир позициясини тасдиқлади”, дейилган хабарномада.

Қозоғистон ва Украина президентлари сўнгги бор телефон орқали ўтган йилнинг ноябрь ойида сўзлашишган. Ўшанда Зеленский Тоқаевни президентликка қайта сайлангани билан қутлаган эди.

Икки президент ўртасидаги бу галги сўзлашув Россия армиясининг Украина шаҳарларига давомли ҳужуми ва қозоғистонликларнинг украиналикларга ёрдам бераётгани манзарасида бўлиб ўтди. Йил бошидан буён қозоғистонлик кўнгиллилар Украинага йўллаш учун ўтовлар, сандиқлар, генераторлар ва бошқа ашёлар йиғаётгани ҳақида бир неча бор хабар қилинган. Уруш гирдобида қолган Украинага ёрдам расмий Остонанинг ўз қўшнисига ҳужумни давом эттираётган Москвадан масофаланиши манзарасида амалга оширилмоқда.