Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли бўйича тендер эълон қилинди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўлини давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тендер эълон қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати қайдича, лойиҳанинг биринчи босқичи умумий узунлиги 171 километрни ташкил этиб, Тошкентдан Ангренгача бўлган автомобиль йўли ва Қамчиқ довонини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади. Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 21 январида тасдиқланган.

Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси орқали амалга оширилиши режалаштирилган.

Расмий Тошкент Жаҳон банки кўмагида хусусий шерикни танлашга ёрдам бериш учун лойиҳага маслаҳатчиси сифатида Буюк Британиянинг “Arup and Partner’s”, “PWC” ва “CMS Cameron” консультантлар консорциумини жалб қилган.

Вазирликка кўра, тендер икки босқичда ўтказилади. Илк босқичда хусусий компаниялар дастлабки малакалашдан ўтиш учун ҳужжат топширади. Иккинчи босқичда дастлабки саралашдан ўтган ширкатлар лойиҳа бўйича техник ва молиявий таклифларини тақдим этади.

ДХШ лойиҳаларида тажрибага эга бўлган барча қизиқувчиларга 2025 йил 21 апрель куни Тошкент вақти билан соат 18:00 гача ҳужжат топшириш таклиф қилинган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Тошкент–Андижон пулли автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси қиймати 4,28 миллиард долларни, қурилиш муддати эса 6 йил 3 ойни ташкил этишини билдирганди.

Жаҳон банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан йўлнинг 64 фоизи янгидан қурилиши, 36 фоизи эса реконструкция қилиниши кутилмоқда. Пулли йўл қурилиши Тошкентдан Андижонга сафар қилиш вақтини ҳозиргидан 2 соат 14 дақиқага камайтириши айтиляпти.

Ўзбекистон президенти томонидан 2024 йилнинг 30 августида имзоланган қарорда Тошкент–Андижон пулли автойўлни қуриш 2026 йилда бошланиши белгиланган. Йўл 2032 йилда фойдаланишга топширилиши керак.