Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен музокара ўтказмоқда.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Kun.uz нашрининг ёзишича, 1 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен учрашувининг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
Учрашувда бизнес алмашинувлари учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон кадрлар салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга келишилган.
Блинкен Остонада 28 февраль куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтган С5+1 саммитидан сўнг 28 февраль куни Тошкентга келди. У давлат котиби бўлганидан бери илк марта Ўзбекистонга ташриф қилмоқда.
Остона саммитида давлат котиби Вашингтон Марказий Осиё давлатларининг Москвадан қарамлигини озайтиришга кўмаклашишини ва ишчи ўринлари яратиш учун 25 миллион доллар ажратишини айтган.