Тошкент шаҳар ҳокимияти дўкондорларни замонавий автобус бекатлари қуришга мажбурламоқда. Бу ҳақда Озодликка зиммасига ана шундай вазифа юклатилган икки дўкондор сўзлаб берди.
Улардан бирининг маълум қилишича, сентябрга қадар Тошкентнинг марказий кўчаларида 17 та замонавий автобус бекатлари қурилиши керак.
Янги автобус бекатлари Бобур, Нукус ва Шота Руставели кўчаларида барпо этилади.
Май охирида Тошкент шаҳар ҳокимияти расмийлари бекатлар қошида дўкон очган шахслар билан "бирма-бир" учрашиб, уларнинг зиммасига "усти ёпилган, эшикли ва ойнаванд" янги бекатларни қуриш ёки эскиларини таъмирлаш мажбуриятини юклаганлар.
"Ҳокимиятдан келиб, ёз ичи усти ёпилган, эшикли ва ойнаванд остановка қурасан, деб кетишди. Кондиционер ўрнатишимиз ҳам шарт экан. Харажатларнинг ҳаммаси бизнинг бўйнимизда бўлади. Дўкон очиб, ҳокимият билан договор тузаётганимизда остановкани тоза тутамиз, деб мажбурият олганмиз. Иложимиз йўқ, қуриб берамиз энди," деди Тошкент марказидаги автобус бекатида дўкон очган суҳбатдош.
Озодлик ушбу масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимиятидан изоҳ ололмади.
Яна бир дўкондорнинг маълум қилишича, бекатга кондиционердан ташқари скамейка ва ахлат қутиси ўрнатилиши шарт қилиб қўйилган.
Озодлик суҳбатладошларига кўра, янги бекат қуриш учун усталар ҳақи ва қурилиш молларини сотиб олиш учун 2 минг долларгача сарфланиши мумкин.
Ўтган ойларда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳудудида жойлашган Шота Руставели кўчаси ва "Ойбек" метроси яқинида янги ойнаванд бекатлар қуриб битказилди.
Ойнаванд бекатлар Тошкентда 2007 йилдан буён қурилади.
Ҳозирда пойтахтда бундай бекатлардан 193 та мавжуд.
Тошкентда илк кондиционерли автобус бекати эса "Беруний" метроси ёнида 2014 йил ноябрида пайдо бўлганди.
Автобус бекатига масъул дўкон хизматчилари кондиционерларни ҳаво жуда исиб кетсагина ёқишлари, бекатни эса оқшомлари беркитиб кетишларини айтди.
"Ойбек" метро бекати ёнидаги автобус бекати уяли телефонларни зарядлаш ускунаси билан ҳам жиҳозланган.
Бу йўловчиларга ўз гаджетлари батареясини тўлдириб олиш имконини берувчи Тошкентда ҳозирча ягона бекат ҳисобланади.
Ушбу зарядлаш ускуналари автобус бекатлари дизайни билан шуғулланувчи JCDecaux UZ компанияси ва "Bravo Pharma" фармацевтика компанияси ҳомийлигида ўрнатилган.
JCDecaux UZ компаниясининг вакили Санжар Йўлдошев Озодликка зарядкали автобус бекатларидан июль ойига қадар яна бешта қуриш режаланаётганини айтди.
"Улардан тўрттаси ўтган ҳафта қайта таъмирдан чиққан Олой бозори атрофидаги бекатларга ўрнатилади", деди Санжар Йўлдошев.
Мутахассисларга кўра, янги лойиҳанинг асосий муаммоси, бу — ускуналарнинг хизмат қилиш муддати ва уларни кўча безориларидан ҳимоя қилиш масаласи бўлиб қолаётгани.