Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида жами 17 та ҳужжат имзоланган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, даставвал Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолашган.
Бундан ташқари, икки президент ҳузурида Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим, Корея Экспорт-импорт банки ва Hyundai Rotem компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар, Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим, “Тошкент Фарма Парк” инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим, Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, ЖСТ доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома, Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув, Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув, Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатларга қўл қўйилган.
Ҳужжатлар имзоланишидан олдин Шавкат Мирзиёев билан Юн Сок Ёль аввалига тор доирада музокара ўтказишган, кейин эса музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этган.
Президентларнинг тор доирадаги учрашуви чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган, минтақавий, жумладан, "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, мазкур учрашувда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.
Кенгайтирилган музокаралар чоғида эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Музокаралар чоғида келгуси 3 йил учун Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.
Томонлар сунъий интеллект, бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганлар.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, экология, меҳнат миграцияси ва бошқа муҳим йўналишларда аниқ таклифлар кўриб чиқилган.
“Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган "йўл хариталари"ни қабул қилишга топшириқ бердилар”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.
Уч кунлик давлат ташрифи билан 13 июнь куни Ўзбекистонга келган Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида шанба (15 июнь) куни Самарқанд шаҳрида бўлиши кутилмоқда.
Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келган. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.