Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 22 июнь куни “Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга асосан Қўйлиқ бозори жойлашган ҳудуд “Тошкент ҳалқа автомобил йўлидан кириш ва чиқиш имконини берувчи қўшимча йўл ўтказгичлар қурилиши” учун олинади.
Мазкур ҳудуддаги “олиб қўйилиши режалаштирилган кўчмас мулк объектларига белгиланган тартибда товон пули берилади”.
Қарорда қўшимча йўл ўтказгичлар қурилиши таклифини ҳукуматга шаҳар ҳокимлиги ҳамда Транспорт ва Қурилиш вазирликлари киритгани, Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 12 июлдаги 387-м-сонли махсус фармойиши билан бу таклифни маъқуллагани таъкидланган.
Қарорда бузилиш ва қурилиш ишлари қачондан бошланиши, бу ишларни қайси ширкат олиб бориши тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган эмас.
Озодлик радиоси Қўйлиқ бозори Ўртачирчиққа қўчирилиши режалаштирилаётгани, аммо бу иш қачон амалга оширилиши номаълум бўлиб қолаётгани тўғрисида 2018 йилнинг 27 апрелида хабар берган эди.
2021 йилнинг 9 декабрида эса Қўйлиқ бозорининг бошқа жойга кўчирилишидан норози бўлган юздан ортиқ одам автомобил йўлини тўсиб қўйганди. Ўшанда Қўйлиқ бозоридаги савдо фаолияти 2021 йилнинг 31 декабригача бутунлай тугатилиши, 1 январдан Food city савдо мажмуасига тўла кўчиш режалангани билдирилганди. Йўл тўсган савдогарлардан 5 нафари маъмурий қамоққа олинганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди