Тошкент "қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори" реконструкция учун ёпилиши ҳақида пойтахт ҳокимлиги 5 январь куни маълум қилди. Маҳаллий матбуот гап “Қўйлиқ” бозори ҳақида кетаётганини билдирди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги билдирувида “Қўйлиқ” бозори “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” сифатида тилга олинади.
Ҳокимликнинг таъкидлашича, бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай қолгани ортидан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо ўринлари пайдо бўлган. “Бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларнинг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”.
Ҳокимлик “Қўйлиқ” бозори савдогарларига реконструкция даврида ўз фаолиятини “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларида давом эттиришни таклиф қилган.
Расман билдирилишича, савдогарларнинг мулкларини бошқа бозорларга кўчириш билан боғлиқ транспорт, юклаш, тушириш каби ишлар бепул амалга оширилади. Бундан ташқари улар ижара тўловларидан 3 ойга озод қилинади.
Шунингдек, “Қўйлиқ”дан “бозор ҳудудигача йўлкира хақи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳбекат ташкил қилинди ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилди”.
Озодлик радиоси “Қўйлиқ” бозори Ўртачирчиққа қўчирилиши режалаштирилаётгани, аммо бу иш қачон амалга оширилиши номаълум бўлиб қолаётгани тўғрисида 2018 йилнинг 27 апрелида хабар берган эди.
2021 йилнинг 9 декабрида “Қўйлиқ” бозорининг бошқа жойга кўчирилишидан норози бўлган юздан ортиқ одам автомобил йўлини тўсиб қўйганди. Ўшанда Қўйлиқ бозоридаги савдо фаолияти 2021 йилнинг 31 декабригача бутунлай тугатилиши, 1 январдан “Food city” савдо мажмуасига тўла кўчиш режалангани билдирилганди. Йўл тўсган савдогарлардан 5 нафари маъмурий қамоққа олинганди.