Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги йирик бозор ва супермаркетларда, шунингдек, айрим мактаб ва маҳаллаларда коронавирусга қарши эмлаш пунктлари очилди.
Тошкент туманларида шу йил 27 июнидан иш бошлаган мазкур пунктлар рўйхати “Расмий хабарлар” телеграм-каналида эълон қилинган.
ССВ қайдича, ўтган ҳафта якунида Республика махсус комиссияси Тошкент аҳолисининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда коронавирус инфекциясига қарши Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иҳтиёрий тарзда оммавий эмлаш ҳақида қарор қабул қилганди. Ундан аввалроқ комиссия 50 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда ОТМ профессор-ўқитувчиларини бепул эмлаш ҳақида қарор қабул қилганди.
Бозор ва супермаркетларда эмланган тошкентликлар вакцинанинг қолган дозаларини фуқаролар ўзлари яшайдиган поликлиникаларда олишлари мумкин. Уларнинг аксарияти ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан, айрим жойлардагилар эса Россиянинг “Спутник V” вакцинаси билан эмланиши айтилмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш шу йил 1 апрелидан бошланган. Шу кунгача эмлов тадбирларида 3,3 миллионга яқин доза вакцина қўлланилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача Ўзбекистон аҳолисининг 4 фоизи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган.