Тошкент, Бухоро ва Самарқандда АҚШга юбориш ваъдаси билан ўзбекистонликлардан пул олган шахслар ушланди

Иллюстратив сурат

Тошкентнинг Чилонзор туманида виза ҳужжатларини олиб бериш ҳамда Европа орқали АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан олти нафар фуқародан 32 минг АҚШ доллари олган уч киши ушланган. Давлат хавфсизлик хизмати қайдича, терговга қадар текширув чоғида қўлга олинганлардан бири шу мақсадда олдинроқ 3900 АҚШ доллари олгани ҳам аниқланган.

Бухоро шаҳрида эса муқаддам 3 марта судланган шахс АҚШга йўллаш эвазига 32 ёшли ҳамюртидан 40 минг доллар талаб қилган. У 30 минг доллар олган пайтда ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Хабарномада Самарқанд вилоятида “Ўзбекистон-Туркия-Португалия-Гватемала-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан бир фуқародан 23 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган икки киши, Самарқанд шаҳрида эса “Ўзбекистон-Туркия-Испания-Гондурас-Мексика-АҚШ” йўналиши орқали АҚШга йўллаш эвазига бир фуқародан 18 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган 40 ёшли яна киши қўлга олингани билдирилган.

“Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Андижон вилояти Марҳамат туманида ҳам Мексика давлати орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, бир фуқародан 15 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинган эди.

Озодлик радиоси ўтган йил август ойи охирида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” сарлавҳали суриштирувини ёйинлаган эди. Суриштирувда АҚШга Гватемала, Никарагуа ва Мексика орқали ноқонуний йўллар билан ўтмоқчи бўлган юзлаб ўзбекистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар тақдири ҳақида ҳикоя қилинган. Мазкур фильмни Озодликнинг YouTube канали орқали томоша қилиш мумкин.