Тошкентда ўн ой олдин E-auksion орқали сотувга қўйилган ва дастлабки нархи 45 миллиард 780 миллион сўмга баҳоланган бир гектар ерни келиб чиқиши номаълум бўлган Smart Fast Stroy ширкати 48 миллиард сўмга сотиб олди.
E-auksion сайтида қайд этилишича, Мирзо Улуғбек туманидаги Марказий ҳарбий госпитал яқинидаги бўш ётган бир гектар ер 2022 йилнинг ноябрида сотувга қўйилган эди. Ерни сотиш бўйича аукцион бор-йўғи 10 дақиқа давом этган.
Spot нашрининг ёзишича, ерни сотиб олган Smart Fast Stroy ширкати тўғрисида Ўзбекистондаги тадбиркорлик объектлари қайд этиладиган бирорта очиқ манбада ҳеч қандай маълумот йўқ. Мазкур ширкатнинг таъсисчилари, кимга тегишли экани ва қачон рўйхатдан ўтказилгани ҳам номаълум.