Тошкентдаги цехлардан бирида газ портлади. Бир киши ҳалок бўлди, 14 киши жароҳатланди

Иллюстратив сурат. ФВВ фотоси.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 14 июнь куни соат 9:50 да Тошкентдаги цехлардан бирида портлаш юз бергани тўғрисида маълум қилди.

Расман билдирилишича, Тошкен шаҳар Чилонзор тумани “Астробод” кўчасида жойлашган мис қувурлари ишлаб чиқариш цехининг бир қаватли бостирмасида газ портлаган. Портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 14 киши жароҳатланди.

Вазирлик дастлабки маълумотида 6 киши жароҳатланганини билдирган эди. Портлаш оқибатида цехнинг 50 квадрат метр майдондаги томи қулаб тушган.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ёнғин-қутқарув экипажлари, прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Ҳудудгаз” ва бошқа тегишли ташкилотлар ходимлари етиб борган.

“Айни вақтда ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда”, - дейилади хабарда.

Турли даражада тан жароҳати олганлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.