Тошкентдаги заправкаларга газ етказиб бериш ҳар куни 12 соатга тўхтатилади

Шу йил 7 декабридан Тошкентдаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларига газ етказиб бериш графигига вақтинча чеклов киритилди. Бу ҳақда Газета.уз нашри “Ҳудудгаз Тошкент” директори Дилшод Ғафуров томонидан газ қуйиш шохобчаларига йўлланган факсограммага таянган ҳолда хабар қилди.

Унда қайд этилишича, ҳаво ҳарорати кескин совиб кетган пайтда аҳолини, ижтимоий ва стратегик объектларни газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида пойтахтдаги 54 та газ заправкасининг барчасига соат 17:00 дан 5:00 гача газ етказиб бериш тўхтатилади.

Бу маълумотни нашрга тасдиқлаган “Ҳудудгазтаъминот” ширкати вакиллари автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иссиқлик таъминоти корхоналарига газ етказиб бериладиган катта диаметрли қувурларга уланганини қайд этганлар.

Ширкат масъуллари заправкаларга газ етказиб бериш бўйича вақтинча чеклов киритиш қарори пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Учтепа, Чилонзор туманларидаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар ҳамда айрим маҳаллаларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда қабул қилинганини билдирганлар.

“Ҳудудгазтаъминот” вакилларига кўра, чеклов “магистрал газ қувурларида босим нормаллашгунига қадар” амалда бўлади.