Тошкент жаҳонда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар ўнлигида қолмоқда

Тошкент 2021 йилнинг 4 ноябрида жаҳонда ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингининг биринчи поғонасида қайд этилганди.

Жаҳон бўйлаб ҳаво тозалигини баҳолайдиган IQAir индексида Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида, 12 декабрь ҳолатига кўра, 7- ўринни эгалламоқда.

Рейтингда қайд этилишича, Тошкент ҳавосидаги PM2.5, яъни нозик заррачалар даражаси 188 кўрсаткичга етган.

Бу билан сўнгги бир йил ичида Тошкентда тўртинчи марта ҳавонинг ҳаддан ташқари ифлосланиши кузатилди.

Рейтингда 11 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек жаҳондаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган эди. 12 декабрь куни Бишкек иккинчи ўринни эгаллади. Биринчи ўринга эса Ироқ пойтахти Бағдод чиқди. Қозоғистон пойтахти Остона эса рейтингда 46- ўринда бормоқда.

IQAir индексида Тошкент шаҳри дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан бири сифатида тилга олинади. Ташкилотнинг ўтган йилги ҳисоботида шаҳардаги ҳаво даражаси "ўта носоғлом" дея баҳоланган.

Ҳавонинг ифлосланиши дунёдаги ҳар олтинчи ўлимнинг сабаби экани маълум. Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишидан ўлим ҳолатлари ҳар юз минг кишига 81 нафарни ташкил қилади.

2021 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида шиддатли чанг бўрони кузатилган, ўша оқшом Тошкент шаҳрида соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори меъёрдан 30 баробаргача ошгани ва пойтахт жаҳонда ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рейтингида 1-ўринга чиққани хабар қилинган эди.