Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар йигирматалигида қолмоқда. 3 январь куни Тошкент маҳаллий вақт билан соат 9:30 да IQAir веб-сайтида жаҳондаги ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар орасида 18-ўринда қайд этилди. Шу куни соат 8:50 даги кўрсаткичлар бўйича Тошкент ўнинчи ўринда эди.
“Ўзгидромет” 3 январь куни автоматик ҳаво мониторинги станциялари маълумотларига таянган ҳолда, соат 8:00 да Тошкент ҳавосидаги РМ2,5 дисперсли заррачаларининг миқдори (0,001 дан 2,5 микрометргача) 67,5 мкг/м3 ни ташкил этганини билдирган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 18,7 баробар (5 мкг/м3) кўп.
Қиёслаш учун айтиш лозимки, Бишкек ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар орасида 24-ўринни, Остона эса 96 -ўринни эгалламоқда. Душанбе ва Ашхабод мазкур рўйхатда мавжуд эмас.
2022 йилнинг 14 декабрида Тошкент дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар ичида учинчи ўринни эгаллаган эди. Ўшанда ҳаводаги РМ2,5 заррачаларининг миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларидан 55 марта кўп бўлган.
3 январь эрталабки ҳолатга кўра, жаҳоннинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлари учлиги Ҳиндистоннинг Калькутта, Покистоннинг Карачи ва Бангладешнинг Дакка шаҳарларидан иборат.