Тошкент ҳокими 100 миллиард сўмлик ҳужжатни махфийлаштирди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги биноси

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг 100 миллиард сўмлик қарздорликлар ва кутилаётган харажатларни қоплашга доир қарори “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган.

Daryo.uz нашрининг ёзишича, 2024 йилнинг 10 октябрь куни қабул қилинган 709-14-0-Қ/24 сонли қарор “шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги” важидан махфийлаштирилган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида октябрь ойида Яккасарой, Шайхонтоҳур, Сирғали, Учтепа, Мирзо Улуғбек, Янгиҳаёт, Бектемир, Чилонзор, Юнусобод туманлари ҳокимларининг қарорлари ҳам қабул қилинган ва ҳар бир туманга 2 миллиард сўмдан 14 миллиард сўмгача маблағ ажратилган.

Деярли барча туман ҳокимлари қарорлари ҳам яшириб қўйилган.

Таъкидланишича, республика бюджетидан иссиқлик энергияси ва иссиқ сув таъминоти харажатлари учун Тошкент шаҳри бюджетига ажратилган 100 миллиард сўм сарфига доир ҳужжатни жамоатчиликдан беркитиб қўйиш ғайриқонуний ҳаракатдир.

Қонунчиликка мувофиқ Тошкент шаҳри ҳокимининг ушбу қарори бюджет тақсимотига доир бўлганлиги боис очиқ кўриниб туриши шарт. Маҳаллий давлат ҳокимиятлари фаолиятини назорат қилиб бориши лозим бўлган ҳудудий адлия органлари нега мунтазам равишда ўрганишлар олиб бормаяпти?” дея саволга тутган адлия идорасини Daryo.uz.

Сўнгги вақтларда вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.

Озодлик аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмлик автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани ҳақида хабар қилган эди.

Шунингдек, гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон тумани ҳокимлиги қимматбаҳо автоулов сотиб олишга доир ҳужжатни жамоатчилик назаридан пана қилгани маълум.