Тошкент ҳокимлиги ҳинд тадбиркори иддаолари юзасидан БПга мурожаат қилмоқчи

Minerva City лойиҳасининг 2020 йил сентябрида бўлиб ўтган тақдимотида Тошкент ҳокими Ж. Ортиқхўжаев шахсан қатнашган, бу ҳақда ўша пайтда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот ва суратларни тарқатган эди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Kun.uz нашрига берган интервьюсида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шантажда айблаган ҳиндистонлик инвестор Мурали Лал Жаланнинг иддаоларини текшириш талаби билан Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилиш ниятида.

Бу ҳақда маълум қилган пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати Минерва сити компанияси вакили Мурали Лал Жаланнинг интервьюсида Тошкент шаҳар ҳокимига нисбатан айтган гаплари ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар давлат хизматчисини обрўсизлантиришга қаратилган, деб ҳисоблашини билдирган.

Жалан ўз интервьюсида Тошкент ҳокими Ж. Ортиқхўжаевни шантажда айблаб, шахсий учрашув чоғида Lake City лойиҳаси ерини бериш ёки банк ҳисобрақамига 100 миллион доллар ўтказишни таклиф этганини иддао қилиб чиққан.

Kun.uz интервьюсига Minerva City’дан уй олиш мақсадида пул бериб, ҳалигача квартирасини ололмаган 200 дан зиёд фуқаронинг шикояти сабаб бўлгани айтилган. Мазкур лойиҳа муассиси ҳисобланмиш Мурали Лал Жалан Minerva World of Knowledge ширкати томонидан амалга оширилмоқда.

Жалан Тошкентда йирик тураржой мажмуаларини қуриш бўйича пойтахт ҳокимлиги билан 2019 йил августида келишув имзолаган. Умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган мазкур келишув доирасида Сергелида Minerva World of Knowledge халқаро университети, касалхона, меҳмонхона ва кўп қаватли уйлар қуриш режалангани айтилган.