Тошкентда 27 апрель куни иш бошлаган икки кунлик Иккинчи инвестиция форумида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда сўнгги бир йилда 1 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани тўғрисида гапирди:
“Бир йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард долларга етди ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошди, 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Эслатиб ўтаман, ислоҳотлар бошланган даврда бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори эди”.
Президент ўз нутқи давомида Ўзбекистон учун ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги бозорларга кириш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш энг долзарб масалалардан бири эканини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар ва инвесторларга яратилган шароитларга ҳам тўхталиб, давлатнинг бизнесни тартибга солишга қаратилган 500 та функцияси бекор қилинганини билдирди. Бундан ташқари 132 та лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжатлар бекор қилинган.
Президент тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ислоҳотлар давом этишини ва жорий йилда Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилишини алоҳида қайд этди.
Мирзиёев “Яшил иқтисодиёт” доирасида инвесторлар Ўзбекистонда 8 миллиард долларлик имкониятга эга эканликларини, бу йил давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқилишини билдирди.
Тошкентда 27-28 апрель куни ўтказиладиган Иккинчи халқаро инвестиция форумида, расман билдирилишича, 70 мамлакатдан келган 2,5 мингга яқин “ишбилармон доиралар ва банк-молия соҳаси вакиллари” иштирок этмоқда.
Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 2022 йилнинг 24-26 мартида ўтказилган эди. Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми 2020 йилнинг 5−6 март кунлари ўтказилиши режалаштирилганди. Бироқ коронавирус пандемияси сабабли форум қолдирилган эди.