Тошкент ИИББнинг 25 май куни хабар беришича, 20 май куни пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” гуруҳининг 8 нафар аъзоси қўлга олинди.
Расман билдирилишича, улар Суриядаги “террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишини режалаштирган”. Бундан ташқари ушланганлар “террорчилик ташкилоти етакчилари билан интернет тармоғи ва турли ижтимоий мессенжерлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг кўрсатмалари асосида аҳоли орасида ташкилот ғояларини тарғиб қилиш ва ташкилот сафини кенгайтириш билан шуғулланиб келганлар”.
Тошкентда сўнгги йилларда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг кўплаб аъзолари қўлга олингани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг январида Тошкент ИИББ пойтахтда “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг бирданига ўттиз аъзоси қўлга олинганини иддао қилган.
Шу билан бир қаторда Ҳюман Райтс Вотч (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 24 май куни эълон қилган ҳисоботида диний эркинликлар бўйича ваъдаларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари диндорлар ҳуқуқини чеклашда давом этаётганини таъкидлаган.
HRW вакиллари Ўзбекистонда мусулмонлар экстремизмга оид гумонлар билан таъқиб этилаётгани баробарида собиқ диний маҳкумлар устидан маъмурий назорат ўрнатилгани, соқол, диний либос ва шу кабилар бўйича чекловлар давом этаётгани ҳамда экстремизмда гумонланиб қўлга олинган диндорларга нисбатан ғайриинсоний муносабат ва қийноқ қўлланилаётганига оид иддаоларни тилга олишган.