Тошкентда жасади топилган россиялик журналист юрак хасталигидан вафот этгани билдирилди

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 9 мартда билдиришича, Тошкентда ўлик ҳолда топилган россиялик 36 ёшли журналист Александр Нечаев юрак хасталигидан вафот этгани аниқланган.

“Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.Нечаевнинг ўлими "сурункали юрак-ўпка етишмовчилиги, юракнинг сурункали ишемик касаллиги"дан келиб чиққан. А.Нечаевнинг танаси кўздан кечирилганда тан жароҳатлари аниқланмаган. Текшириш давом этмоқда”, дейилади расмий билдирувда.

“Бюллетень кинопрокатчика” нашри муҳаррири бўлган Александр Нечаев Тошкентдаги хонадонлардан бирида ўлик ҳолда топилгани ҳақида 8 март куни хабар берилган эди.

“Комсомольская правда” мухбири Денис Корсаковга кўра, Нечаев 6 мартдан буён мессенжерлардаги ёзувлар ва қўнғироқларга жавоб бермай қўйган.

“Бунақаси ҳеч қачон бўлган эмас: Саша ишга жуда масъулият билан ёндашар эди. Сешанба куни Тошкентда яшайдиган танишларни топиб, ундан хабар олишни сўрадик. Улар [Нечаев яшаган] ижара уйга полициячилар ва уй соҳиби билан бирга бориб, эшикни очишиб, Сашани ўлик ҳолда топишган”, дея иқтибос келтирган эди Денис Корсаков сўзларидан Podrobno.uz нашри.

Нечаевнинг ўлими юзасидан айни пайтда Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.