Тошкент мактабларида вирусли гепатит қайд этилди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 214- ва 65-мактабларда вирусли гепатит билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Тошкент шаҳри бош бошқармаси маълум қилди.

Шу муносабат билан ушбу таълим масканларида Санэпидқўмнинг Миробод тумани бўлими мутахассислари томонидан эпидемиологик текшириш ва санитария назорати ўтказилган.

Текширувда мактабларнинг санитария ҳолати талабга жавоб бермаслиги аниқланган ва камчиликлар юзасидан мактаб раҳбариятига нисбатан маъмурий баённома тузилган.

Жорий йил сентябрь ойида Яшнобод туманидаги, октябрь ойида эса Бектемир туманидаги мактабларда ҳам ушбу юқумли хасталик рўйхатга олинганди.

Вирусли гепатит А, B, C, D ва E каби беш асосий турга бўлинади. Халқ орасида “сариқ касаллиги” номи билан аталадиган гепатит “А” жигарнинг жароҳатланиши билан кечади ва ўта юқумлидир.

Гепатит А ва E ифлосланган сув ва озиқ-овқат орқали, B, C ва D турлари эса қон ва тана суюқликлари орқали тарқалади, C кўпинча сурункали бўлиб, цирроз ва жигар саратонига олиб келади.

Ўзбекистонда B ва C гепатити кенг тарқалган.

БМТ ўрганишларига қараганда, 2016 йилда мамлакатда тахминан 2,5 миллион нафар гепатит B ва 1,3 миллион нафар гепатит C беморлари борлиги аниқланган.

Ўзбекистонда 2021 йилда гепатит C вирусига қарши кураш бўйича миллий дастур ишга туширилган. Ундан кўзланган мақсад 2030 йилга келиб республикада ушбу вирус билан касалланиш даражасини нолга туширишдир.

Озодлик аввалроқ вирусли гепатитга қарши вакцина қимматлашининг ижтимоий, иқтисодий оқибатларини таҳлил қилганди.