Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, анжуман Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан уюштирилган.
Қайд этилишича, форумнинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат.
Анжуманда Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари, Покистон бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этиши режаланган.
Конференция иштирокчиларининг ялпи ва шўъба мажлисларда минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш имкониятларини муҳокама қилишлари кутилмоқда.
Форум кун тартибидан савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, “яшил” технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, кооперация бўйича аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ўрин олган.