Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 30 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда бир қатор ҳужжатлар билан бирга Хитой билан махфий маълумотларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ратификациясига доир қонунни ҳам маъқуллади.
Ушбу битим 2023 йил 18 май куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи доирасида Сиань шаҳрида имзоланган.
Парламент юқори палатасидаги муҳокамада қайд этилишича, минтақада кузатилаётган кескин ўзгарувчан ҳарбий-сиёсий вазият ўзаро махфий ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун қонуний асосларни кучайтиришни талаб қилади.
Ўн тўққизта моддадан иборат битимда узатилаётган ва қабул қилинаётган ҳар қандай шаклдаги махфий ахборотни ўзаро ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий қонунчилик бўйича махфийлик даражаси ва белгиларини таққослаш назарда тутилган.
Бу борада Давлат хавфсизлик хизмати ваколатли орган этиб белгиланган.
“Gazeta.uz” нашрининг эслатишича, Ўзбекистон Қозоғистон, Украина, Германия, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Қирғизистон ва АҚШ каби давлатлар билан махфий маълумотларни ўзаро ҳимоя қилишга доир келишувга эга.