Тошкент шаҳрида 17 ноябрь соат 6:00 да ёққан ифлос қор инсон саломатлигига зиён етказмайди, деб хабар берди “Ўзгидромет”.
Расмий хабарда таъкидланишича, қордан pH (кислоталилик), электр ўтказгичлилик ва ион таркибини аниқлаш учун намуналар олинган. Олинган намуналарда ифлосланган қор қатламлари (қизғиш лой ранги) кузатилган.
“Ўзгидромет”нинг маълум қилишича, ифлос қорнинг ёғишига “4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлди”.
“Атмосфера ҳавоси таҳлил натижалари кўрсаткичларига кўра, қорнинг ишқорли муҳити pH-9,6 ни ташкил этди, Одатда эса pH-7 бўлади. Электр ўтказувчанлик 73,2 ни ташкил қилган, бу анионлар ва катионларнинг унча катта бўлмаган концентрациясидан далолат бўлади ва инсон саломатлигига зиён етказмайди”,- дейилади хабарда.
4 ноябрда Тошкентда юз берган қум бўрони оқибатида чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилган эди. Шу куни пойтахт ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.
9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиққани ва қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.
Аммо ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини 11 ноябрь куни NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳолади.