Ўзбекистонда жиноят доираларида танилган тадбиркор Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иш очилган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев 12 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирган.
“Бугун бизда бу шахсга (яъни Ғафур Раҳимовга) нисбатан жиноий иш очилгани йўқ. Бу шахс [Ички ишлар бош бошқармасига] олиб кетилмаган ва қидирувга ҳам берилмаган”, дея иқтибос келтирди Газета.uz нашри Дониёр Тошхўжаев сўзларидан.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ўтган ой охирида бошлаган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида бошқа “авторитетлар” қатори Ғафур Раҳимов ҳам қидирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган, бироқ бу маълумотлар ўз тасдиғини топган эмас. 6 декабрь куни эса Ғафур Раҳимовнинг бир гуруҳ киши қуршовида Тошкентдаги “Чорсу” бозорида бамайлихотир юргани акс этган видеоси тарқалган, аммо бу тасвирлар қачон олингани маълум эмас. Ундан ҳам аввал ижтимоий тармоқларда Раҳимовнинг Тошкентдаги халқаро бокс тадбирида президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров ва ҳатто ўғли Миралишер Мирзиёев билан бир қаторда ўтиргани тасвирланган суратлар пайдо бўлган эди.
Ғафур Раҳимовнинг “Биродарлик халқаси” номли жиноий гуруҳ етакчиси сифатида АҚШда халқаро қидирувга берилгани унинг Ўзбекистондаги фаолияти ва имижига таъсир қилмаган.
Ўзбек матбуоти уни йирик тадбиркор ва меценат деб таърифлайди.
Уч йил аввал Ғофур Раҳимовнинг Халқаро Бокс Ассоцияцияси - AIBA президентлигига сайланиши боксни олимпия ўйинларидан чиқарилиш хавфи остида қолдирганди.
Халқаро Олимпия Қўмитаси, агар AIBA ўзининг бошқарувидаги муаммоларни бартараф этмаса, боксни Токио Олимпия ўйинлари дастуридан олиб ташлаши ҳақида огоҳлантирганди.
ХОҚ огоҳлантирувидан бир ҳафта ўтиб Раҳимов AIBA президентлигидан истеъфо берган.
Уч ой ўтиб эса Раҳимовнинг Ўзбекистон профессионал бокс федерациясига вице-президент этиб сайлангани маълум бўлган.