Тошкент шаҳрининг 8 триллионлик бюджети ими-жимида маъқулланди

2023 йил 28 декабрь куни Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши шаҳар ва туманларнинг 2024 йилги бюджетини тасдиқлади. Пойтахт бюджети туманларни ҳисобга олмаганда 8,077 триллион сўм миқдорида прогноз қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан (6,41 триллион сўм) 26 фоизга кўпдир.

“Gazeta.uz” нашри Тошкентнинг бош молиявий ҳужжати жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмагани, халқ депутатлари кенгаши йиғилиши жонли эфирда кўрсатилмагани, ҳатто ёзиб олинган видеоси ҳам эълон қилинмаганига эътибор қаратган.

Қайд этилишича, 2024 йилда шаҳар (шу жумладан, туманлар) бюджетининг харажатлари жами 9,68 триллион сўмни ташкил қилади. Бу 2023 йил прогнозига (7,74 триллион сўм) нисбатан 26,3 фоизга кўп демакдир.

Жами харажатларнинг чорак қисми иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарувчиларга аҳолига кўрсатилган иссиқлик таъминоти хизмати учун пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида юзага келадиган зарарни қоплашга тўғри келади. Бу мақсадлар учун 1,97 триллион сўм йўналтирилади.

Пойтахт бюджети жамоат транспорти хизматлари учун субсидиялар (1 триллион сўм), метрополитенда аҳолига чекланган тарифларда хизмат кўрсатиш натижасида кўриладиган зарарни қоплаш харажатлари (575,7 миллиард сўм), ободонлаштириш бош бошқармаси (544,6 миллиард сўм), соғлиқни сақлаш бошқармаси (2,1 триллион сўм), мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси (485,99 миллиард сўм), кўп қаватли уйлардаги лифтларни таъмирлаш ва янгилаш (143,2 миллиард сўм), ташқи қарз бўйича тўловлар (232,57 миллиард сўм), Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитини қайтариш учун маблағлар (234,88 миллиард сўм), чет эл кредитларини қоплаш бўйича маблағлар (12,99 миллиард сўм) каби бандларни ўз ичига олади.

Бюджет маъқулланишига муносабат билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров ривожланиш ва инсон сифатини яхшилаш учун тобора кам пул тақсимланаётганини қайд этган. Эксперт, шунингдек, бюджетнинг ярми самарасизлик намунасига айланган иссиқлик таъминоти, транспорт ва ташқи қарзга йўналтирилгани ҳолда, “Очиқ бюджет” ташаббуси учун маблағ ажратилмаганини ҳам танқид қилган.

“2024 йилда пойтахт бюджетидан халқ бюджети дейиладиган Open budget учун кафолатланган маблағ ажратилмаган. 2023 йилда бунинг учун 285,9 миллиард сўм харажат кўзланган эди. Албатта, кенгашда буни эслатадиган биронта вакил топилмаган. Кенгашда халқнинг биронта вакили йўқ бўлса, ким ҳам эслатарди?” деб ёзган Отабек Бакиров.